
Бизнинг бугунги суҳбатдошимиз – Камола Шавкатовна Салихова, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий педиатрия тиббий маркази директорининг ўринбосари (фотосуратда). У ота-оналарга бола саломатлиги ҳақида қандай ғамхўрлик қилиш, гўдак қайси даврда педиатр маслаҳатига эҳтиёж сезиши, қайси болалар озуқасини танлаган маъқул экани ҳақида фойдали ва керакли маслаҳатларни беради.
- Салом, Камола Шавкатовна. Суҳбатни марказ тузилмаси ва фаолияти ҳақидаги саволдан бошласак.
- Салом. Авваламбор, жорий йилдан бошлаб Педиатрия ИТИ Президентнинг 2007 йил 2 октябрдаги 700-сонли «Ўзбекистон Республикасида тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий педиатрия тиббий маркази деб қайта номланди.
Марказ илмий-амалий йўналишда бўлиб, болалар хасталикларининг кенг доираси бўйича ихтисослашган. У пульмонология, гастроэнтерология, гепатология, аллергология, неонтология, реанимация, чақалоқлар патологияси бўлимларини ўз ичига олади. Шунингдек маслаҳат поликлиникаси ҳам мавжуд.
Келгусида биз болалар неврологияси, болалар кардиологияси каби янги бўлимларни очишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, режаларимизда Марказни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, уни реконструкция қилиш ишларини ўтказиш ҳам бор. Тез орада референт лабораториялар очилади, туғруқ ташҳис мажмуаси қурилади, гўдакларни бепул кўрикдан ўтказиш учун ускуналар сотиб олинади. Марказ нафақат илмий-амалий, балки бутун республика учун методик марказ ҳам ҳисобланади, яъни биз шифокорларни ўқитамиз, уларнинг малакасини оширамиз, шифокорлардан тортиб, қишлоқ тиббиёт пунктларидаги тиббий ходимларгача машғулотлар ўтказамиз.
Вилоятлардаги кўп профилли болалар марказлари 13 та филиалимиз ҳисобланади. Биз улар билан яқин алоқада ишлаймиз, чунки аслини олганда болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича учинчи даража ҳисобланамиз.
Бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурлари асосида Жиззах вилояти, аҳоли, маҳалла фаоллари, аёллар кенгашлари билан ишлаяпмиз, семинар-тренинглар ўтказяпмиз. Бундан ташқари марказимиз ЮНИСЕФнинг кўкрак сути билан боқиш бўйича маслаҳат бериш, амбулатория-стационар шароитида касал болани интеграциялашган ҳолда юритиш ва онадан болага ОИВ-инфекцияси ўтишининг олдини олиш каби дастурларининг мувофиқлаштирувчиси ҳисобланади. Бу йил марказ базасида ўқув маркази очилиб, у ерда ушбу дастурлар бўйича машғулотлар ўтказилади.

- Келинг, кўпгина оналар ва оталарни қизиқтирадиган хусусий саволларга ўтамиз. Бола ўз ҳаётининг қайси даврида ота-онаси ва педиатр-шифокорлар томонидан қаттиқ эътиборни талаб қилади?
- Шубҳасиз, бола ҳаётининг ҳар бир даври жуда муҳим ва ўзига хос хусусиятларга эга. Аммо, келинг, эътиборни бола саломатлиги нуқтаи-назаридан энг заиф ҳисобланган даврларга қаратайлик.
Она қорнидаги давр.
Бола бачадонда пайдо бўлган пайтдан бошлаб, уни эътибор ва ғамхўрлик билан ўраган ҳолда, унга шахс, бемор сифатида муносабатда бўлиш керак. Биринчидан, ҳомиладорликка яхши тайёргарлик кўриш зарур. Шу ўринда давлатимиз аёлнинг репродуктив саломатлигига соғлом бола туғилишининг кафолати сифатида улкан эътибор қаратаётганини таъкидлаш жоиз. Туғилажак бола кутилган бўлиши мажбурий шарт ҳисобланади, чунки шундагина у соғлом бўлиб туғилади. Боланинг она қорнидаги ҳаётининг илк ҳафтасидаёқ унинг аъзолари ривожлана бошлайди, бу эса кўп нарсага боғлиқ. Шу боис боланинг она қорнида пайтидаги ривожланиш даври ўта муҳим.
Чақалоқлик даври.
Бу давр 28 кундан иборат. Бу пайтда болага меҳр-муҳаббат, тозалик ва яхши овқат талаб этилади. Нима учун бола туғилганиданоқ унга она сутини бериш, уни она кўкрагига қўйиш зарур? Нима учун биз буни тарғиб қиляпмиз? Бола стерилланган муҳитдан унга нотаниш ва бегона бўлган, ҳали қувватга кирмаган чақалоққа салбий таъсир кўрсатувчи турли микроорганизмларга тўлиб-тошган бизнинг дунёмизга тушади. Аммо у онасининг ёнида ўзини яхши ҳис қилади, яъни ўзига таниш муҳитда бўлади. Кейин унга кўкрак тутамиз. У овқатланиши учун эмас, барибир у 1-2 грамм сутга тўймайди. Гап шундаки, она туққанидан сўнг пайдо бўладиган биринчи оғиз сути таркибида лактобифидобактериялар бўлади, улар гўдакнинг ичагини юпқа ҳимоя қатлами билан ўрайди ва шу тарзда унинг организмига патоген флора кириб келишига тўсқинлик қилувчи ҳимоя муҳитини яратади. Агар биз унга туғилганидан кейин кўкракни бермасдан, гўдакка сув, глюкоза ичиришга ҳаракат қилсак, бу билан биз унга бошқа флорани олиб кирган бўламиз ва келгусида боланинг организми турли инфекцияларга нисбатан таъсирчан бўлиб қолади.
Овқатлантириш — фақат кўкрак сути. Бу гўдак ҳимояси, унинг ўсиб ривожланиши, онаси билан ўзаро руҳий алоқасидир.
Катталар ва ҳатто шифокор ҳам чақалоқни қўлга олгандаги мажбурий қоида – бу тоза қўллар! Биз қўлимиз билан гўдакка инфекция юқтиришимиз мумкин. Уйда чақалоққа илиқлик, яхши овқат, режим, катталар билан вақтинча камроқ алоқа ва меҳмонларнинг кам бўлгани маъқул. Умуман олганда, бола чақалоқлик даврида (бир ёшгача) катта эътиборни талаб қилади. Чунки айнан дастлабки ярим йилда бола тез ўсади ва ривожланади. Бундай ўсиш ва вазн тўплаш боланинг бошқа ҳеч бир даврида юз бермайди. Ота-оналар буни эсда сақлашлари ва дастлабки 6 ой мобайнида иложи борича гўдакнинг камол топиши учун шароитлар яратиши зарур.
- Дастлабки олти ой ичида бола учун энг яхши овқат – бу она сути эканини билдик. Кейин-чи? Болага қўшимча овқат беришни қандай қилиб тўғри бошлаш ва бунда қайси маҳсулотларга эътибор қаратиш керак?
- Афсуски, аёлларимиз бола олти ойликдан ошганидан сўнг овқатланишига эътибор беришмайди. Аммо бу гўдак учун жуда муҳим нарса. Қишлоқ аҳолиси банкаларда сотиладиган озуқани сотиб олиш имкониятига камдан-кам ҳолларда эга бўлади. Кейин заминимиз мева ва сабзавотларга, кўкатларга бой бўлса, пул сарфлашга нима ҳожат? Табиатнинг ушбу нозу-неъматларидан баҳраманд бўлиш керак! Қўшимча овқатларни сариқ ва тўқ сариқ сабзавотлардан бошлаган маъқул (картошка, сабзи) – уларнинг аллергия келтириб чиқариш даражаси жуда паст. Овқатни пюредан, нейтрал сабзавотлардан бошлаймиз. Кейин озгинадан бўтқа ва меваларни қўшиш мумкин. Сўнгги йилларда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра олимлар бир ёшгача болага соф сигир сутини бермаслик керак, деган хулосага келишган. У аллергия келтириб чиқаради ва ичакнинг шиллиқ қисмига ёмон таъсир қилади. Агар она барибир сигир сути зарур деган хулосага келган бўлса, унда сутни 1:1 нисбатида қайнаган сув билан аралаштириб берган маъқул.

- Ҳозир дўконларда болаларга мўлжалланган маҳсулотларнинг турлари кўпайиб кетган, баъзида ота-оналар уларни танлашда қийналади. Сиз нимани маслаҳат берган бўлардингиз?
- Кўкрак сути билан боқишни ҳимоя қилиш бўйича умум қабул қилинган Бутунжаҳон коди мавжуд. Афсуски, болалар озуқасини ишлаб чиқарувчилар аксар ҳолларда ушбу кодни бузишади. Код бўйича қўшимча овқатлар 6 ойликдан бошланиши керак, кўпгина озуқаларнинг банкасида эса улар 4 ойлик ва ҳатто 3 ойлик болаларга мўлжаллангани ҳақида ёзилади. Бундай маҳсулотни харид қилмаслик керак. Иккинчидан, 6 ойликкача гўдакка ҳеч қандай шарбат бермаслик тавсия этилади.
Кўкрак сути боланинг овқатга, сувга, фойдали витаминлар ва микроэлементларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириши мумкин. Ҳурматли оналар, бу эсингизда бўлсин, шу боис фарзандингизни 6 ойликкача фақат кўкрак сути билан боқишдан қўрқманг.
Кўкрак сути боланинг овқатга, сувга, фойдали витаминлар ва микроэлементларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириши мумкин. Ҳурматли оналар, бу эсингизда бўлсин, шу боис фарзандингизни 6 ойликкача фақат кўкрак сути билан боқишдан қўрқманг.
Кўкрак сути билан боқиш тавсия этилмайдиган ҳолатлар жуда кам учрайди, аммо агар бунинг иложи бўлмаса, болага сут аралашмаларини беришга тўғри келади. Бундай озуқани танлаш борасида шифокор билан маслаҳатлашган маъқул. Ҳар бир бола индивидуалдир, шунинг учун битта болага ёққан нарса иккинчисига зарар етказиши мумкин. Ҳеч бир ишни ўзбошимчалик билан қилманг!
- Ҳудудимизнинг географик жойлашуви, экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда кўп учрайдиган болалар хасталиклари ва уларга қарши кураш усуллари.
- Биринчи навбатда, болалар хасталиклари, хусусан инфекцион хасталикларнинг олдини олиш ишлари бизда яхши олиб борилаётганини қайд этиш зарур. Мамлакатимизда бошқариладиган инфекциялар ҳақиқатан ҳам бошқарилади. Давлатимиз болаларни эмлаш учун катта маблағ ажратган бўлиб, уларнинг барчаси бепул амалга оширилади. Касалликларга тўхталадиган бўлсак, улар бошқа мамлакатлардаги хасталиклар билан ўхшаш. Бу рўйхатда ўпка-нафас патологияси биринчи ўринда, гастроэнтерологик патология иккинчи ўринда туради. Йод моддаси танқислигини эса ҳудудий характердаги касаллик дейиш мумкин. Сўнгги пайтларда давлатимиз озиқ-овқат маҳсулотларини организм учун муҳим бўлган йод моддаси билан бойитган ҳолда ушбу муаммога катта эътибор қаратмоқда. Ҳудудимизга хос бўлган яна бир касаллик – бу анемия. Аксар ҳолларда болалар анемия хасталиги билан туғилади. Бу оналарнинг нотўғри овқатланиши, уларнинг бу борадаги билимлари камлиги туфайли содир бўлади. Масалан, биз болага темир моддаси ҳазм бўлишига тўсқинлик қиладиган сигир сутини берамиз, ҳолбуки кўкрак сути темир моддасининг 80%ни ҳазм қилишга ёрдам беради. Овқатдан сўнг одатда қуюқ чой ичирамиз, бу ҳам темир моддаси ҳазм бўлишига тўсқинлик қилади. Бунинг ўрнига гўдакка янги сиқилган шарбат берган маъқул. Бу мисолларнинг барчаси бизда овқатланиш маданияти яхши ривожланмаганидан далолат беради.
- Айтингчи, гўдак ўзининг ҳар бир ёшида кўрикдан ўтиши керак бўлган тор ихтисосликка эга мутахассисларнинг аниқ рўйхати борми?
- Чақалоқни туғруқхонадан чиққанидан кейин ҳаётининг илк ойида педиатрга 4 марта кўрсатиш керак, кейин эса ойда бир марта. Сўнг она бироз енгил нафас олиши мумкин. Агар бола бир ёшга тўлганидан кейин соғлом бўлиб, ҳеч қандай шикоятлар бўлмаса, қуйидаги мутахассисларга режали кўрикдан ўтиш учун кўрсатилиши лозим: педиатр, невропатолог, окулист, лор, ортопед. Қон, ахлат ва сийдик умумий анализлари.
Мавсумий эмлаш зарурми, масалан, гриппга қарши.
Бу боланинг ёшига ва шаҳар ёки бола қатнайдиган муассасадаги (боғча, мактаб, тўгараклар) эпидемиологик ҳолатга боғлиқ.
Ота-оналарга бир нечта умумий маслаҳатлар:
-Болани йўргаклаш шартмас, у эркин ўсиши ва оламни кўриши керак.
-Болани кўпроқ бағрингизга босинг.
- Яқинда мактабларда ўқиш бошланди, ўқувчилар соғлом бўлиши ва дарсларни яхши ўзлаштиришлари учун уларга қандай тавсияларни берган бўлардингиз?
- Тўлақонли овқатланиш, дам олиш, албатта тоза ҳавода сайр қилиш, болани (биринчи синф ўқувчисини) ўйиндан маҳрум этмаслик. Витаминлар – боланинг эҳтиёжи ва шифокор тавсиясига қараб.
- Ишингизда нимани энг қийин деб ҳисоблайсиз?
- Боланинг ҳаётдан кўз юмишини. Бундай пайтларда ишга умуман қўлинг бормайди. Аммо оғир хаста бола соғайиб кета бошласа, олдингга кўнгли шод ва сендан миннатдор ота-оналар келади. Ахир бу бахт-ку. Айнан шуни кўриш учун ҳам ишлаётган бўлсак ажабмас. Айнан шунинг учун ҳам бу меҳнатга ва куч-ғайратни аямасликка арзийди.
GENERATION лойиҳасининг муҳаррири Анна Гриценко суҳбатлашди.